Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Осиё Кубоги гуруҳ босқичи биринчи тури доирасида Уммон жамоаси устидан ғалаба қозонди. Чоршанба куни БААдаги «Шаржа» стадионида бўлиб ўтган учрашув 2:1 ҳисобига якунланди.

Ҳисобни Эктор Купер шогирдлари очди. 34-дақиқада яримҳимоячи Одил Аҳмедов жарима тўпини дарвозага аниқ йўллади.

Иккинчи таймда ҳужумчи Муҳсин ал-Гассаний (72') ҳисобни тенглаштирди. Ўйин охирида Марат Бикмаев ўрнига тушган Элдор Шомуродов 85-дақиқада «оқ бўрилар"ни олдинга олиб чиқди. У ўйиннинг иккинчи ярмида майдонга тушган Икром Алибоев узатган тўпни голга айлантирди.

Ҳимоячи Егор Кримец Ўзбекистон термаси жарима майдончаси яқинида рақибини қўполлик билан тўхтатиб қолди ва қизил карточка олди (90+2').

F гуруҳининг яна бир учрашувида Япония Туркманистон устидан 3:2 ҳисобида устун келди.

13 январь куни Ўзбекистон Туркманистон, 17 январда эса Японияга қарши ўйнайди.

Осиё Кубоги 5 январдан 1 февралга қадар Абу-Даби, Дубай, Ал-Айн, Шаржа шаҳарларида бўлиб ўтади.

YouTube орқали кўриш