Жисмоний шахсларга нақд хорижий валютани тўғридан-тўғри сотиш масаласи янги таҳрирдаги валютани назорат қилиш тўғрисидаги қонун қабул қилинганидан сўнг кўриб чиқилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий банки вакили «Газета.uz"га хабар қилди.

3 январь куни «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» Давлат дастури лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун тақдим этилган эди.

Ҳужжатнинг 67-бандида 1 мартга қадар чет эл валютаси билан боғлиқ амалиётдаги асоссиз чекловларни бартараф этишни кўзда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқишни топширди.

Марказий банк «Газета.uz» сўровига жавоб тариқасида янги таҳрирдаги валютани назорат қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ҳукуматга киритилганини маълум қилди.

«Қонун тасдиқланганидан сўнг биз валюта бозоридаги қолган янгиликларни зарурлиги нуқтаи назардан кўриб чиқамиз. Бу нақд хорижий валюта дарҳол савдога чиқарилишини англатмайди, фақат ҳужжат қабул қилинади», — деди МБ вакили.

Ҳозирда хорижий валютани пластик карталар ёрдамида конвертация қилиш йўли билан сотиб олиш мумкин.