Якшанба, 6 январь куни «Газета.uz» эр-хотин сайёҳ виза муддатлари 4 ва 5 январда тугагани учун Тошкентдан учиб кета олмагани ҳақида хабар қилган эди. Ўзбекистон ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти душанба куни электрон виза тизими нотўғри ишлаётгани ҳақидаги айбловни асоссиз деб атаб, ҳар қандай давлатга ташриф буюрувчи сайёҳлар ўз визалари муддатлари тугашини мустақил равишда назорат қилишлари лозимлигини қайд этди.

ТИВ хабарида таъкидланишича, чет эл фуқаролари электрон визани нотўғри расмийлаштирганликлари учун Тошкентдан учиб кета олмаган. Уларнинг Ўзбекистонда бўлиб туриш муддатлари ўзлари онлайн тўлдирган аризалардаги маълумотлар асосида расмийлаштирилган.

«E-visa» электрон визасини расмийлаштириш жараёни 2018 йил июлида жорий этилган бўлиб, виза анкеталари электрон тизим томонидан аризачилар мустақил равишда киритган маълумотлар асосида автомат равишда қайта ишланади, дейилади хабарда.

Тизим шундай ишлаб чиқилганки, унга учинчи шахс, жумладан консуллик ходимлари аралаша олмайди. Яъни, аризачи нимани киритган бўлса, тизим, жумладан шахсий маълумотлар ва Ўзбекистонда бўлиб туриш муддатларини қайта ишлайди.

Онлайн ариза топширилганидан уч кун ўтиб Л.Бартоли ижобий жавоб олади ва унга кўра 2019 йил 4 январь куни Ўзбекистонни тарк этиши ёки виза муддатларини узайтириш учун ИИВ Виза ва рўйхатга олиш бўлимларига мурожаат қилиши лозим эди. Бир кундан сўнг турмуш ўртоғи Ф. Эрфюртга ҳам (бир кун кейин ариза топширган) Ўзбекистонни тарк этиш муддати 2019 йил 5 январь этиб белгиланган «анкета"ни олади.

Бутун дунёда қабул қилинган меъёрларга кўра, ҳар қандай мамлакатга ташриф буюрган сайёҳлар ўз визалари муддатлари тугаш саналарини мустақил назорат қилишлари лозим. Дунёнинг ҳар қандай мамлакатида виза режимининг бузилиши маъмурий, қисман жиноий оқибатларни келтириб чиқаради.

Айбловнинг асоссиз эканига эътибор қаратган Консуллик-ҳуқуқий департаменти Италиянинг Тошкентдаги элчихонаси билан ҳам маслаҳатлар ўтказиб, юқорида тилга олинган фуқаролар Ўзбекистонга сайёҳлик мақсадида ташриф буюргани, 30 млн доллар миқдорида инвестиция киритиш ҳақида гап йўқлигини аниқлади, дейилади хабарда.

8 январь куни маъмурий ишлар бўйича Юнусобод туман суди мажлиси бўлиб ўтади ва суд қароридан сўнг чет эл фуқаролари Ўзбекистон ҳудудини тарк эта олади.