15 январдан бошлаб Самарқанд шаҳрининг 4 та кўча ва чорраҳасида онлайн тизимида ишловчи махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситаси ишга туширилади. Бу ҳақда «Зарафшон» газетаси сайтида хабар берилди.

Самарқандда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Самарқанд шаҳрининг 4 та кўча ва чорраҳасига 2019 йил 15 январдан онлайн тизимида ишловчи махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситаси ишга туширилади.

Вилоят ҳокимининг қарорига асосан ҳозирги кунда Самарқанд шаҳридаги Регистон кўчасида жойлашган «Регистон майдони мажмуаси» қаршисидаги пиёдалар ўтиш жойига, Мирзо Улуғбек — Бўстонсарой, Мирзо Улуғбек — Шохрух ва Мир Саид Барака — Мирзо Улуғбек кўчалари чорраҳаларига махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари ўрнатилди.

Мазкур ускуналар 2019 йилнинг 15 январь кунидан бошлаб ишга тушади. Улар орқали йўл ҳаракати қоидалари, яъни транспорт воситасини бошқариш вақтида телефондан фойдаланиш, светофор ишорасига бўйсунмаслик, йўл чизиғи ва белгиларига амал қилмаслик каби қоидабузарлик содир этган ҳайдовчилар аниқланиб, уларга нисбатан доимий чоралар қўлланилиши жорий этилади.

Шу билан бирга вилоят кўчаларида онлайн тизимида ишлаётган 4 та «Арена» русумли тезликни ўлчаш ускуналари мавжуд ва улар ёрдамида бугунгача 39 мингга яқин қоидабузарликлар аниқланган.

Шунингдек, ўтказилган бир қатор профилактик ва рейд тадбирлари натижасида ўтган 2018 йилда жами 309.068 та қоидабузарликлар, шундан 119.769 та қўпол, 8.726 та маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш ва 13.247 та пиёдалар қоидабузарликлари аниқланиб, уни содир этган шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрилди.

Олиб борилган тадбирлар натижасида ўтган 2018 йил мобайнида 2017 йилдагига нисбатан вилоят ҳудудида содир этилган жами йўл-транспорт ҳодисалари сони 8,4 фоизга, улар оқибатида ҳалок бўлганлар 6,5 фоизга, тан жароҳати олганлар 12 фоизга камайишига эришилди.

Шу билан бирга, болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари сони 16 фоизга, уларда тан жароҳати олганлар сони 18,5 фоизга камайди.

Жорий йилда Самарқанд шаҳридаги барча чорраҳаларга махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари ўрнатилиши режалаштирилган.