2019 йилнинг 1 февралидан пойтахтнинг туман ҳокимликлари ҳузурида Инвесторларни қўллаб-қувватлаш марказлари иш бошлайди. Марказлар инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда хорижий инвесторларга, шу жумладан давлат-хусусий шериклик шартлари асосида кўмаклашади. Бу меъёрлар Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 январдаги 4-сон қарори билан белгиланган, дейилади Norma.uz хабарида.

Қуйидагилар марказларнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

инвесторларга туманларнинг салоҳияти, туман ҳокимликлари томонидан тайёрланган аниқ инвестиция таклифлари, мавжуд имтиёз ва преференциялар тўғрисида батафсил маълумотларни олишда кўмаклашиш;

инвесторларини бўш турган давлат мулки объектлари ва фойдаланилмаётган ер участкалари, шунингдек, уларни тақдим этиш тартиби тўғрисидаги маълумотлар билан таъминлаш;

инвестиция лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга оширишда инвесторларга маслаҳатлар бериш, шу жумладан уларга консалтинг хизматлари (лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асослари ва бошқа ҳужжатларини ишлаб чиқиш) кўрсатиш;

давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, тижорат банклари вакиллари иштирокида туманларнинг инвестиция имкониятлари масалалари бўйича тадбир ва учрашувлар ташкил этиш;

хорижий инвесторлар билан ҳамкорликда, шу жумладан бўш турган, фойдаланилмаётган объектлар ва ер участкалари негизида лойиҳаларни амалга ошириш учун салоҳиятли маҳаллий шерикларни топиш;

инвесторларга муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланишда рухсат берувчи ҳужжатлар, шу жумладан қурилиш ишларини амалга оширишга рухсат беришга доир ҳужжатларни олишда кўмаклашиш;

лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва уларни амалга оширишда юзага келадиган муаммоларни тезкор ҳал қилиш, шунингдек, хорижий инвестициялар иштирокида ташкил этиладиган корхоналарнинг самарали фаолият кўрсатишига ёрдам бериш;

хорижда ўтказиладиган халқаро инвестиция ва бизнес-форумлар учун материаллар, видеороликлар, инвестиция таклифлари ва тақдимотлар тайёрлашда иштирок этиш.

Шу ўринда Тошкент шаҳар ҳокимлиги, туман ҳокимликлари ва давлат бошқаруви органлари раҳбарлари тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш соҳасида қуйидагиларга эътибор қаратадилар:

Тошкент шаҳрида бизнес юритиш учун инвестиция муҳитини яхшилаш;

юқори технологияли ишлаб чиқаришларни ва юқори қўшилган қийматли маҳсулотларни, шу жумладан кичик саноат зоналари ва технопаркларда уларнинг ишлаб чиқариш ҳажми ва экспортини кўпайтирган ҳолда ривожлантириш учун инфратузилма ташкил этиш;

минтаканинг туристик маркази сифатида пойтахтнинг жозибадорлигини ошириш, ички ва хориждан ташриф буюрадиган туристлар оқимини кўпайтириш, турли форматдаги меҳмонхоналар тармоғини ташкил қилиш, шунингдек, тиббиёт туризмини ривожлантириш;

халкаро етакчи олий укув юртлари филиалларини очиш, соғлиқни сақлаш муассасаларини, шу жумладан давлат-хусусий шериклик механизмларини қўллаган ҳолда қуриш, қайта тиклаш ва техник қайта жиҳозлаш;

трансмиллий компаниялар, йирик хорижий молия корпорацияларини жалб қилиш, пойтахтни минтақавий молия маркази сифатида ривожлантириш;

хусусий инвестицияларни замонавий офис бинолари ва уй-жой комплекслари қурилишига жaлб қилиш, уларни тсгишли инфратузилма билан таъминлаш, пойтахтнинг алоҳида ҳудудларида «smart city» ва «green city» тизимларини тадбиқ қилган ҳолда қурилиш ишларини янада ривожлантириш;

муҳандислик-коммунал инфратузилмасини ривожлантириш, коммунал хизматлар сифатини ва оммабомлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларини татбиқ қилиш ва хорижий инвестициялар иштирокида ташкил этиладиган корхоналарни муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланишини жадаллаштириш.

Қарор билан шунингдек, хорижий инвестициялар иштирокида Тошкент шаҳрида амалга ошириладиган лойиҳалар рўйхати ва инвестициялар, шу жумладан тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун Тошкент шаҳри туманларини ривожлантиришнинг устувор соҳалари тасдиқланди.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2019 йил 5 январдан кучга кирди.