5 январь куни ПФЛ вакиллари ЎФА раҳбарияти билан учрашувда иштирок этди. Унда миллий чемпионатнинг 2019 йилги мавсуми юзасидан муҳокамалар борди. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати хабар берди.

«Ўтган йил сўнгида қилган энг яхши ишимиз — ПФЛни алоҳида чиқариб юборганимиз бўлди. Энди бу ташкилот ўз аравасини ўзи тортишни бошлади. Кечаги муҳокамадан кўнглим тўлди. Ҳатто айрим бандлар юзасидан ПФЛ йигитлари мен билан тортишишгача боришди. Аслида шундай бўлиши ҳам керак. Мамлакат футболини кўтариш йўлида биз бундай эркин мулоқот ва муҳокамаларга тайёрмиз», — деб сўз бошлади ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов.

Суперлига формати ҳақида

«Суперлига форматини роса муҳокама қилишди, худдики мамлакат футболи ривожига шу формат тўсқинлик қилаётгандек. Ҳар қандай инсон мағлубиятни тўғри тан ола билиши керак. Келишилган ўйинлар ёки интриганинг йўқолиб қолиши каби масалалар исталган форматда юз бериши мумкин. Муҳими ўтган мавсумни ҳамма «0» очкодан бошлади ва ҳеч кимга алоҳида имтиёз берилмади. Ҳаммада чемпионлик учун бирдек имконият бор эди. «Металлург», «Бухоро», «Насаф» ёки «Қизилқум"нинг интригадан четда қолгани оддий ҳолат. Исталган форматда ҳам ўрталик жамоаларида шундай бўлади. Муҳими қуйи лигага тушиб кетмаслик, чемпионлик масаласи, Чемпионлар лигаси йўлланмаси учун яхши кураш кетди.

Футболдаги шунча муаммо турганида форматни байроқ қилиб олган ҳурмати биз форматни ўзгартирдик. Кўрайликчи, энди ким нима ўйлаб топаркин".