5 январь куни ПФЛ вакиллари ЎФА раҳбарияти билан учрашувда иштирок этди. Унда миллий чемпионатнинг 2019 йилги мавсуми юзасидан муҳокамалар борди. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати хабар берди.

Унда ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов клубларга ваъда қилинган мукофот пуллари нима учун берилмаётганига аниқлик киритди.

«Биз мукофот пулларини ваъда қилдикми, уни албатта берамиз. ПФЛ олдидаги қарзлари 2018 йил охирига қадар осилиб келган, футболчилар олдидаги қарзлари йиллар давомида осилиб ётган клублар бор. 2019 йил бундай бўлмаслиги керак.

Мамлакат раҳбари футболни қўллаётгани учун ҳам шундай катта ташкилотлар клубларга пул ажратиб турибди. Энди уни оқилона ишлатиш керак. Клублар раҳбарлари ўша пулларни жойига қўйиб, ўз футболчилари, ишчилари олдидаги қарзларини узсин. Кейин эса мукофот пулларини яхшиликка, клуб ривожига ишлатсин. Йўқса сметасидаги пулни ақл билан ишлатмай, уни шунчаки ҳавога совургани етмагандек, мукофот пулларини ҳам бир нарса қилишади. Қарабсизки, 2019 йил яна эски ҳаммом, эски тос. Майли ҳозир бир нарсалар деяверишсин, кейин мукофотни олганларидан сўнг раҳмат айтишади", деди Умид Аҳмаджонов.