2019 йилги Давлат дастури лойиҳасида хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш йўналишида мудофаани бошқариш миллий марказини яратиш режалаштирилмоқда.

Мудофаа вазирлиги, ДХХ, Мудофаа саноати давлат қўмитаси, ФВВ, Миллий гвардия, Давлат божхона қўмитаси, вазирлик ва идораларга Ўзбекистон мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, Қуролли Кучларнинг жанговар қудратини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини қабул қилиш топшрилди.

Унда давлат ҳарбий хавфсизлигини таъминлаш бўйича янги қонун ҳужжатларини ҳисобга олган ҳолда Қуролли Кучларни қўллашни режалаштиришнинг норматив-ҳуқуқий асосларини янгилаш, қўшинларни 2018−2021 йилларда замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникалар билан таъминлаш, уларни модернизация қилиш ва таъмирлаш бўйича комплекс дастурни сифатли ижро этиш кўзда тутилган. Дастур лойиҳасини 2019 йил 10 апрелига қадар ишлаб чиқиш белгиланган.

2019 йилнинг иккинчи ярмида Давлат мудофаа саноати комплексининг «Инновация технологиялари маркази» негизида ҳарбий ва икки хил мақсадда фойдаланиш мумкин бўлган маҳсулотлар, эҳтиёт қисмлар, энг янги материал ва хом ашёларнинг янги турларини лойиҳалаштириш ва ишлаб чиқаришга йўналтирилган иқтисодиёт соҳасидаги илмий-тадқиқот ташкилотлари ва таълим муассасалари, алоҳида компаниялар ишланмаларини консолидация қилиш бўйича мудофаа саноати комплексининг илмий-конструкторлик кластерини яратиш кутилмоқда.

2019 йилги Давлат дастури лойиҳаси муҳокамаси 15 январга қадар даво этади.