Президентнинг Туризм тармоғини жадал ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорига мувофиқ, дунёнинг таниқли ва нуфузли меҳмонхона брендларидан (топ-50 рейтингига кўра) фойдаланиш бўйича Ўзбекистон резидентлари бўлган ташкилотлар учун роялти франчайзинг тўғрисидаги шартнома кучга кирган вақтдан бошлаб уч йил мобайнида давлат бюджети ҳисобидан қуйидаги ҳажмда қисман молиялаштирилиши белгиланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берилди.

Унга кўра:

дастлабки 50 та 3 юлдузли тоифага эга меҳмонхона — ҳар бир меҳмонхонанинг битта хонаси учун йиллик 200 АҚШ доллари эквивалентида;

дастлабки 30 та 4 юлдузли тоифага эга меҳмонхона — ҳар бир меҳмонхонанинг битта хонаси учун йиллик 400 АҚШ доллари эквивалентида.

Бунда ташкилотлар учун роялтини молиялаштиришнинг умумий ҳажми кўпи билан 10 миллион АҚШ доллари эквивалентига тенг бўлади.

Шунингдек, қарор билан:

хостелларни меҳмон уйлари ва хостеллар реестрига ўрнатилган тартибда киритиш талабини белгилаган ҳолда хостелларнинг меҳмонхона хизматини мажбурий сертификациялаш талаби бекор қилинади;

ҳудудида туризм инфратузилмаси объектлари, шу жумладан жойлаштириш воситалари жойлашган ёки барпо этиладиган моддий маданий мерос объектлари ўттиз йилга, бироқ ўн йилдан кам бўлмаган муддатга ижарага берилади. Бунда ижарачилар беш йиллик ижара ҳақига тенг миқдорни ўзлари жойлашган моддий маданий мерос объектларини реставрация ва консервация қилишга йўналтириш ҳамда моддий маданий мерос объектларини сақлаш қоидаларига риоя қилиш шарти билан дастлабки беш йил учун ижара ҳақи тўлашдан озод этилади.