Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Марказий Осиё энерготизими (МОЭТ) ичида минтақавий энергия савдосини кенгайтириш, Туркманистоннинг унга қўшилишини ўрганиш ҳамда Афғонистонда тизимни янада кенгайтиришни қўллаб-қувватлаш учун 4,5 млн доллар миқдорида грант кўринишида минтақавий кластер кўмак кўрсатишни тасдиқлади. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар қилди.

Марказий Осиё давлатларида энергия савдоси 1991 йилда Совет Иттифоқи парчаланганидан сўнг кескин тушиб кетди. 2003 йил бошида Туркманистон, 2009 йилда Тожикистон МОЭТдан чиқди. Натижада тизимдаги электр энергияси савдоси 1990 йилдаги 25,413 миллион киловатт-соатдан (кВт-с) 2016 йилда 2,080 миллион кВт-с га тушиб қолди.

Бу айниқса Тожикистонда қишки вақтларда оммавий равишда электр энергиясининг ўчирилиши, ёзда Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистонда қазиб олинувчи ёқилғилар истеъмолининг ошишига олиб келди. 2018 йилнинг мартида Тожикистон яна Ўзбекистон ва МОЭТга уланди.

Кластер техник кўмак доирасида учта лойиҳаости лойиҳа амалга оширилади. Жумладан, МОЭТ доирасида энергия оқимининг хавфсиз оширилишини таъминлаш учун «Энергия» координацион диспечерлик марказида энергетик маълумотларни бошқариш тизими жорий этилади.

Энергия оқимини оширишга техник тўсиқларни ва уларни ҳал этишнинг эҳтимолий ечимларини аниқлаш мақсадларида минтақавий энергетика сектори бош режасини янгилаш кўзда тутилган.

Шунингдек, Афғонистонда ва Туркманистонда МОЭТни кенгайтириш, энергия савдосини ошириш учун қўшимча янги бозорларни аниқлаш белгиланган.

2017 йилда Афғонистон МОЭТга уланишга қизиқиш билдирган эди. Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон билан бу борада икки томонлама музокаралар бошлаб юборилган. ОТБ гранти Афғонистон электр тармоқларини баҳолаш ва уларнинг МОЭТ билан қўшилишини таъминлашга ёрдам беради. Шунингдек, Туркманистоннинг МОЭТга уланишининг турли вариантлари тадқиқ этилади.

Техник кўмакнинг 1,5 млн доллари ОТБ томонидан грант асосида молиялаштирилса, Минтақавий ҳамкорлик ва интеграция жамғармаси, Осиё тоза энергия жамғармаси ҳамда Юқори технологиялар жамғармаси 1 млн доллардан ажратади. Минтақа давлатлари ҳукуматлари маҳаллий мутахассислар, идора бинолари, харажат материаллари ва пулсиз кўринишдаги бошқа ёрдамларни тақдим этиш орқали шериклик ёрдамини кўрсатади.