Ўзбекистон Марказий банки 2018 йил 29 декабрь куни Тошкентдаги «Пойтахт банк» акционерлик жамиятига банк операцияларини амалга оширишга лицензия бериш тўғрисидаги қарорни қабул қилди. Бу ҳақда МБ матбуот хизмати хабар берди.

Банкнинг устав капитали 100 фоиз пойтахт ҳокимияти ҳисобидан шакллантирилиб, 100 млрд сўмни ташкил этади.

Тошкент ҳокимияти молия бош бошқармаси бошлиғи Лутфилла Нуруллаевич Исматуллаев банк кенгаши раиси бўлди. Бошқарув раиси — Қаҳрамон Турсунович Арипов.

Банк Тошкентнинг Чилонзор тумани Ислом Каримов кўчаси 55- уйда, Давлат рақобат қўмитасининг собиқ биносида жойлашган.

«Пойтахт банк» акционерлик тижорат турар жой-қурилиш жамғарма банкини ташкил этиш тўғрисидаги қарор 2017 йил мартида қабул қилинган эди. Унинг асосий вазифалари — аҳоли ва юридик шахсларнинг турар-жойга бўлган эҳтиёжини қондиришда ипотека кредитларини ажратиш ва банк хизматларини кўрсатиш, арзон кўп квартирали уйларни қурувчи пудратчи ташкилотларга кредит ресурсларини ажратиш, арзон кўп квартирали уйларни лойиҳалаш ва қуришда буюртмачи вазифаларини бажариш ва бошқалардан иборат.