Ўзбекистонда монополияга қарши давлат органини мустақил алоҳида орган сифатида ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 15 январгача жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилган «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» Давлат дастури лойиҳасида сўз боради.

Ҳужжатда рақобатни ривожлантириш, табиий монополия субъектлари фаолиятини назорат қилиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш соҳасидаги вазифаларни ўтказган ҳолда мустақил монополияга қарши давлат органини ташкил этиш таклиф этилмоқда.

«Газета.uz"нинг Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасидаги ахборот манбаси маълумотига кўра, маҳкамани бир неча қисмга бўлиш, жумладан Монополия қўмитасини алоҳида тузилма сифатида ажратиб чиқариш режалаштирилмоқда.

«Бўлиниш тўғрисидаги гаплар ярим йилдан бери бор. Давлат рақобат қўмитасини бешта қисмга ажратиш, ажралиб чиқаётган Монополияга қарши кураш қўмитасига Давлат мулк қўмитаси билан бирлашишгача бўлган вазифалар юклатилади», — деди суҳбатдош.

2012 йил ноябрида Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси базасида Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ташкил этилган эди. 2017 йилда у Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси этиб қайта ташкил этилди.

Қайд этиш жоизки, Давлат рақобат қўмитаси раиси лавозими қўмитанинг собиқ раиси Равшан Ғуломов Вазирлар Маҳкамасининг макроиқтисодий таҳлил ва прогнозлаштириш, молия ва банк тизимини ислоҳ қилиш, хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш масалалари бўйича ахборот-таҳлил департаментига раҳбар этиб тайинлан 8 августдан бери вакант қолмоқда.

Давлат рақобат қўмитаси сайтидаги маълумотларга кўра, узоқ вақтдан буён Монополияга қарши ишларни тартибга солиш ва табиий монополиялар бош бошқармаси бошлиғи, Монополияга қарши ишларни тартибга солиш бошқармаси бошлиғи, Рақобатни ривожлантириш бош бошқармаси, Иқтисодий ночор корхоналар таҳлили ва соғломлаштириш бош бошқармаси бошлиғи ва бошқа бир қатор бўлинмалар бошлиқлари лавозимлари вакант қолмоқда.

2019 йилги Давлат дастури қуйидаги манзилларда муҳокама қилинмоқда: