Ўзбекистонда Қуроли Кучларда муддатли ҳарбий хизматни ўтаган абитуриентлар учун ОТМларга имтиёзли кириш шартлари қайта кўриб чиқилади. Бу ҳақда жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» Давлат дастури лойиҳасида сўз боради.

1 майга қадар ҳарбий хизматни ўтаган абитуриентларга тегишли ўқув йили учун тасдиқланадиган олий таълим муассасаларига қабул квоталари доирасида алоҳида квоталар ажратиш ва тест синовларини ўтказиш кўзда тутилган ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган.

Бундан ташқари, унда ҳарбий қисм командирининг тавсияномаси фақат ҳарбий олийгоҳлар учун имтиёзга эга бўлиши назарда тутилади.

Ҳозирда муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ва ҳарбий қисмдан тавсияномага эга абитуриентлар умумий танлов доирасида кириш имтиҳонлари якунлари бўйича тўплаган балларининг 50 фоизи миқдорида қўшимча балга эга бўлади.

Аввалроқ бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов «Газета.uz"га берган интервьюсида бундай тартиб у ёки бу мутахассислик бўйича ўқишга ҳозирлик кўраётган қизлар ва бошқа абитуриентлар ҳуқуқларига даҳл қилишини айтиб ўтган эди.

«Бу ерда қизларнинг камситилиш ҳолати бор. Мазкур саволни қайта кўриб чиқиш керак. Бу адолатсизликдир», — деган эди у.

2019 йилги Давлат дастури қуйидаги манзилларда муҳокама қилинмоқда: