Сирдарё вилояти божхона бошқармаси «Сирдарё» чегара божхона пости орқали товар-моддий бойликларнинг ноқонуний олиб кирилишига доир яна бир божхона қоидабузарлиги фош этилди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

«Сирдарё» чегара божхона постига қўшни давлатдан «Газ-2217» русумли юк автомашинасида кириб келган фуқаро И.С. божхона назоратидан ўтаётиб, ўзига тегишли бўлган юклари ҳақида йўловчи божхона декларациясида маълум қилади.

Шундан сўнг белгиланган тартибда текширувларни бошлаган божхона ходимлари автомашинада декларацияланмаган, яширин тарзда олиб ўтилаётган 30 хил турдаги, жами 48 дона парфюмерия маҳсулотлари борлигини фош этишган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра товар-моддий бойликларнинг умумий қиймати 5,4 миллион сўмни ташкил этди.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан дастлабки божхона текширувлари олиб борилмоқда.