Автотранспорт воситасидан фойдаланишда яқин қариндошлар учун ишончнома олиш тизимини бекор қилиш ҳақидаги онлайн-петиция 13 мингдан ортиқ овоз тўплади. Мазкур петиция октябрда «Менинг фикрим» жамоавий мурожаатлар порталига жойлаштирилган эди.

Мурожаат муаллифи Амирбек Кенжаевнинг қайд этишича, бундай ишончномани нотариус орқали расмийлаштириш кўп вақт ва оилавий оилавий бюджет пули талаб қилинади. «Бегона одамларга ишончнома беришни тушуниш мумкиндир, лекин ота-она боласи, ака-ука, опа-сингил бир-бирига ишончнома бериши, очиғини айтсак қадриятларимизга ҳам, менталитетимизга ҳам тўғри келмайди», — деб ёзади у.

«1990-йилларда машина ўғирлаш билан боғлиқ воқеалар кўп эди. Балки ўша пайтда бу тизим ўзини оқлагандир. Лекин ҳозиргидай юртимиз инновацион жиҳатдан ривожланиб бораётган, „Хавфсиз шаҳар“ тизими ишга туширилган, йўлларимизда видеокамералар ишлаб турган пайтда бунақа ишончнома бериш тартибига зарурат бормикан?» — дея савол беради муаллиф.

Мурожаат айни вақтда «Кўриб чиқиш жараёнида» мақомида. Портал қоидаларига кўра, мурожаатни Ўзбекистон Олий Мажлиси кўриб чиқиши учун у энг камида 10 минг овоз тўплаши лозим. Петицияни кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш муддати — 60 кундан ошмаслиги керак. Мазкур мурожаатга овоз бериш муддати эса 12 кундан сўнг тугайди.