2 январь куни соат 17:00 ларда Фарғона вилояти Олтиариқ туманидан оқиб ўтувчи Сўх-Шохимардонсой каналидан қиз жинсига мансуб шахси номаълум чақалоқ мурдаси топилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати Олтиариқ туман ИИБ навбатчилик қисми маълумотига таяниб «Газета.uz"га хабар қилди.

Чақалоқ мурдаси сувдан чиқариб олиниб, вилоят суд-тиббий экспертиза бюроси эксперти иштирокида кўздан кечирилганда, унинг аёл жинсига мансублиги ва унда тан жароҳатлари (бўғиш, ташқи таъсир натижасида ўлдириш каби белгилар) мавжуд эмаслиги, шунингдек киндиги 3 см. ни ташкил қилиб, тиббиётга хос бўлмаган усулда кесилган ва боғланмаганлиги аниқланган.

Вилоят суд-тиббий экспертиза бюросининг 2 январдаги дастлабки маълумотномасига кўра, чақалоқ мурдаси сувда тахминан 10 кун қолиб кетган. Ички тана аъзолари текширилганда, унинг ошқозонида сут қолдиғи топилмаган, мурданинг ўлим сабаби, туғилганидан сўнг яшагани, сувга тирик ёки ўлган ҳолатда тушганлиги каби ҳолатлар суд-гистология текшируви натижасига кўра аниқланади.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан туман ва шаҳар ИИБ, тиббиёт ҳамда ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари кенг жалб қилиниб, чақалоқ ва унинг онасини шахсини аниқлашга қаратилган чоралар кўрилмоқда.

Мазкур ҳолат устидан Бош прокуратура назорати ўрнатилган.