Тошкент вилояти ИИБ навбатчилик қисмига 2018 йил 29 декабрь куни соат 04:30 ларда келиб тушган хабарга кўра, Зангиота тумани, Бўзсув ҚФЙ, Ўрикзор МФЙ, Олмазор кўчаси, фуқаро Ж.Б.га тегишли рақамсиз уйда унинг вояга етмаган жияни 2003 йилда туғилган А. Ж., фарзандлари 2006 йилда туғилган Т.К., 2009 йилда туғилган Т. К., 2013 йилда туғилган Т.З., 2014 йилда туғилган Т.Г. ушбу уй хонасининг девор орасида ўрнатилган қўлбола усулда ясалган иситиш мосламасидан (печка) чиққан ис газидан заҳарланган ва ўлганлик факти ҳолатида Тошкент шаҳар 16-сонли шифохонага олиб борилган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Ҳодиса жойига вилоят прокурори ва унинг ўринбосари, туман прокурори, унинг ўринбосари, туман ИИБ бошлиғи ва тезкор-тергов гуруҳи аъзолари чиқишган.

Мазкур ҳолат юзасидан Зангиота туман прокуратураси томонидан «Зангиотатумангаз» филиали мансабдор шахсларига нисбатан ЖКнинг 207-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.