30 декабрь куни соат 16:30 лар атрофида Андижон вилояти Хўжаобод тумани Хидирша МФЙда жойлашган, ҳали ишга туширилмаган «Ҳайвонот боғи» соқчиси Х.А. ҳеч ким йўқ вақтда 2 бош шер боқилаётган қафасга улар билан ўйнаш мақсадида кирганида, шерлар ҳужумига учради.


Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматининг «Газета.uz"га хабар қилишича, Х.А. «бўйин ва тананинг бошқа соҳаларида кўплаб очиқ яралар, тананинг орқа юзасида кўплаб ўткир ботиқ яралар жароҳатлари» етказилиши ва ўткир қон томир етишмовчилиги натижасида воқеа жойида вафот этган.


Мазкур ҳолат юзасидан воқеа жойига туман прокурори, унинг биринчи ўринбосари, туман ИИБ бошлиғи ва тезкор тергов гуруҳи етиб борган.


Айни вақтда туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.


Терговга қадар текширув давомида 30 декабрь куни Суд-тиббий ва суд-криминалистик экспертизалари тайинланган. Шунингдек 31 декабрь куни Андижон вилояти Бандлик бош бошқармасига «Меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги» қоидалари талаблари бузилган ёки бузилмагани юзасидан текширув тайинланган.