Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Магнитогорск шаҳрида кўп қаватли уй қулашининг фожиали оқибатлари муносабати билан Россия президенти Владимир Путинга чуқур ҳамдардлик билдирди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Душанба куни эрталаб Магнитогорскда, дастлабки маълумотларга кўра, табиий газ портлари натижасида 10 қаватли уй подъездларидан бири қулаб тушган.

РИА Новостининг Россия ФВВ маълумотига таяниб хабар қилишича, 46 киши истиқомат қилувчи 26 квартира вайрон бўлган, вайрон бўлган ҳудудда эса жами 120 киши яшаган.

1 январь тонгига қадар вайроналар остидан 12 киши чиқариб олинган, уларнинг етти нафари ҳалок бўлган, беш нафари, жумладан бир боланинг ҳаёти қутқариб қолинган. 36 кишининг ҳаёти номаълумлигича қолмоқда. Айни вақтда уй вайроналарини тозалаш ишлари турар жойнинг қолган қисми қулаши хавфи борлиги сабабли бир кунга тўхтатилган.