31 декабрь кунидан эътиборан Фарғона водийси истеъмолчиларига барқарор табиий газ етказиб бериш бошланди, хабар берди «Ўзтрансгаз» компанияси матбуот хизмати.

Охирги йилларда куз-қиш даврида, айниқса ҳаво совуқ кунларда табиий газ босимининг пасайиши ёки умуман табиий газ бўлмаслиги айниқса Водий вилоятлари аҳолисининг жиддий ташвишига айланган эди. Бу масала аҳолининг жиддий эътирозларига сабаб бўлган, дейилади компания хабарида.

Ушбу муаммони ҳал этиш, одамларга муносиб турмуш шароитлари яратиб бериш мақсадида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Қозоғистоннинг «КазТрансГаз» компанияси билан музокаралар ўтказилиб, унинг натижаси улароқ Фарғона водийси истеъмолчиларини бир маромда ва барқарор табиий газ билан таъминлаш бўйича муҳим келишув имзоланди.

«Янги 2019 йил Фарғона водийси истеъмолчилари учун қутлуғ келадиган бўлди, — дейди „Ўзтрансгаз“ раиси Баҳодир Эшмуратов. — Қозоғистон Республикасининг „КазТрансГаз“ компанияси билан эришилган келишувга асосан „Газли-Чимкент-Тошкент-Пунгон“ йўналиши бўйича табиий газ тўғридан тўғри „Газли“ газни ер остида сақлаш иншоотидан Фарғона водийси истеъмолчиларига етказиб берилади. Бу водийдаги кўп сонли аҳолимиз, саноат ва ишлаб чиқариш корхоналарини бир маромда ва юқори босимда табиий газ билан таъминлаш имконини яратди».