«Тошкент-АЭРО» ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари томонидан пойтахт аэропортида ҳаво йўллари орқали товар-моддий бойликларни ноқонуний равишда олиб ўтишга бўлган қатор уринишларни фош этилди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Жумладан, «Истамбул-Тошкент» авиарейси бўйича парвозини якунлаган фуқаро Х.Н. таваккалнинг каттасига қўл урди. Гарчи, ўқотар қуролдан фойдаланиш ва овчилик қилиш учун тегишли лицензия ва сертификатга эга бўлса-да, ушбу шахсга 490 дона ов қуроли учун патронлар, 402 дона гильза ва улар учун мўлжалланган 2000 дона капсулларни олиб кириш насиб қилмади.

Урумчидан учиб келган яна бир фуқаро Ф.М.нинг багажи божхона кўригидан ўтказилганда эса, ушбу шахс республикага олиб кириш тақиқланган 1 дона учувчисиз учиш аппаратини олиб ўтмоқчи бўлганлиги фош бўлди.

«Нью Йорк-Тошкент» йўналиши бўйича билан учиб келган фуқаро Ю.Ш. «яшил» йўлак орқали ҳаракатланаётиб, жисмоний шахслар учун божсиз олиб кириш меъёрларидан ортиқча бўлган алкоголли ичимликларни олиб кирмоқчи бўлганлиги маълум бўлди. Унга тегишли багаж назорат тартибида кўздан кечирилганда, унинг ичида йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган ва божхона ходимининг оғзаки сўровида айтилмаган, қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 4,7 млн. сўмлик салкам 13 литр спиртли ичимликлар борлиги аниқланди. Сабаби эса оддий — ушбу шахснинг божхона ходимларига тақдим қилган тегишли лицензиясида кўрсатилган миқдордан кўра олиб кирилаётган ўқ-дорилар сони ортиқча экан.

Хозирда ушбу ҳолатлар юзасидан дастлабки божхона текширувлари давом эттирилмоқда.