31 декабрь куни Ўзбекистон ҳудудида қуруқ ва илиқ ҳаво ҳукмрон бўлиши, Янги йилнинг биринчи куни эса республика бўйлаб айрим жойларда ёмғир ёғиши кутилмоқда. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати эълон қилган Ўзгидромет ҳисоботида бу ҳақда сўз боради.

Тунги ҳарорат 0 даража атрофида, кундузи эса +6…+9 даража атрофида бўлиши кутилмоқда.

Сўнгги 50 йилдаги статистик маълумотларга кўра, Тошкентда 31 декабрь куни ўртача 4−5 йилда, 1 январда эса 2−3 йилда ёғингарчиликлар кузатилади.

«Бу ёғингарчиликлар ҳар доим ҳам қор кўринишида бўлавермайди, Янги йил кечасида қор ёғиши эса ноёб ҳолат, — дея қайд этади синоптиклар. — Бизнинг Ўрта Осиё иқлимига хос ҳолат бу. Сўнгги йилларда бутун дунёда кузатилаётган глобал исиш натижасида илиқ қишлар сони ўсмоқда ва мос равишда қор кўринишидаги қишки ёғингарчиликлар улуши камаймоқда».

Метеорологик кузатувлар тарихида Тошкентда энг совуқ Янги йил кечаси 1889 йилда кузатилган — 28 даража совуқ.

Сўнгги 50 йил давомида Тошкентда бу каби паст ҳарорат кузатилмади ва бу давр ичида энг совуқ кеча 1991 йил 1 январида қайд этилди. Ўша вақтда Тошкентда ҳарорат 13 даража совуқни ташкил этган.

2009 дан 2010 йилга ва 2015 дан 2016 йилга ўтишда кундузги ҳарорат 18−19 даражага қадар кўтарилган.

Сўнгги йиллар давомида 2017 йилнинг биринчи куни энг қорли бўлган эди. Қор Янги йил кечаси ёғишни бошлаб, 1 январда кун бўйи тинмади.

«Шундай йиллар бўладики, қор аввалроқ ёғади ва қор қопламаси Янги йил байрами кунлари ҳам эримай туради. Охирги марта 2011−2012 йилларда шундай ҳолат кузатилди. Ўшанда об-ҳаво Ўзбекистон аҳолисида янги йил кайфиятини тортиқ этиш бўйича ўз мажбуриятини аввалдан бажарган эди. Эски йилнинг сўнгги ҳафтасида бир неча марта қор кўринишидаги ёғингарчиликлар кузатилди ва 27 декабрга келиб дарахтлардаги момиқ қор шаҳарни безади ва ҳақиқий қиш эртагини ёдга солди», — дея таъкидлади синоптиклар.