GM Uzbekistan, SamAuto ва JV MAN Auto-Uzbekistan компанияларига тақдим этилган солиқ имтиёзлари бекор қилинди. Эндиликда улар фақат қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) тўлашдан озод қилинади. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг 2019 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари ҳамда 2020−2021 йилларга бюджет мўлжаллари тўғрисидаги қарорида сўз боради.

Бунга қадар GM Uzbekistan Ўзбекистон ҳудудида амал қилувчи барча солиқ тўловлари, шунингдек Республика йўл фондига мажбурий тўловлардан озод қилинган эди. Бутловчи қисмлар, материаллар ва технологик асбоб-ускуналар ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳам ҚҚС, даромад солиғи ва уларни ишлаб чиқариш учун фойдаланилувчи асосий воситалардан мол-мулк солиқларини тўлашдан озод қилинган эди.

Самарқанд автомобиль заводи даромад солиғи, юридик шахслар мол-мулк солиғи, юридик шахслардан ер солиғи, ҚҚС ва Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини ривожлантириш жамғармасига мажбурий ажратмалардан озод қилинган эди. Эндиликда ушбу завод ҳам фақат ҚҚС тўлашдан озод қилинди.

JV MAN Auto Uzbekistan Ўзбекистон-Германия қўшма корхонаси юридик шахслар даромад солиғи, ҚҚС ва Республика йўл жамғармасига мажбурий тўловлардан озод қилинган эди.

Президент Шавкат Мирзиёев парламентга мурожаатномасида Ўзбекистон бозорнинг барча иштирокчилари учун адолатли солиқ режимини яратиш учун солиқ имтиёзлари ва преференциялардан босқичма-босқич воз кечишини маълум қилган эди.