Йилнинг тўққиз ойи давомида Ўзбекистонга 3,8 млрд доллардан ортиқ пул маблағлари юборилди. Ўзбекистон Марказий банкининг тўлов баланси, халқаро инвестицион позиция ва ташқи қарзлар тўғрисидаги ҳисоботи бунга гувоҳлик бермоқда.

Мазкур маблағларнинг 85 фоиздан ортиқроғи — 3,26 млрд доллари МДҲ давлатлари ҳиссасига тўғри келмоқда. Жумладан, Россиядан 2,96 млрд доллар ўтказилган. Қозоғистондан — 247,1 млн доллар, Қирғизистондан — 23,8 млн доллар юборилган.

Украинадан эса 10 млн, Тожикистондан — 7,1 млн, Беларусдан — 4,2 млн, Озарбайжондан — 2,5 млн, Арманистондан — 800 минг ва Туркманистондан — 700 минг доллар ўтказилган.

Бир мунча кўпроқ пул юборилган давлатлар қаторида қуйидагилар ўрин олган: АҚШ — 138,3 млн, Туркия — 154,9 млн, Жанубий Корея — 77,1 млн, Исроил — 39,4 млн ва Бирлашган Араб Амирликларидан — 25,1 млн доллар юборилган. Хитой ва Германиядан мос равишда 9 ва 8,6 млн доллар.

Ўзбекистон аҳолиси мамлакат ташқарисига йилнинг биринчи тўққиз ойида 638,8 млн доллар юборган бўлса, унинг 64 фоизи МДҲ давлатлари ҳиссасига тўғри келади. Жумладан, Россияга 301 млн доллар юборилган. Қозоғистон ва Қирғизистонга мос равишда 50,5 ва 20,3 млн доллар юборилган. Украинада эса Ўзбекистондан 17,1 млн доллар қабул қилиб олинган.

Қарийб 230 млн доллар Ўзбекистондан узоқ хориж давлатларига, энг кўп Туркияга — 88,3 млн доллар юборилган. Хитойга Ўзбекистон фуқароларидан 47,8 млн, АҚШга — 12,5 млн, Литвага — 10 млн доллар ўтказилган.