Янги йил арафасида Жиззах вилояти Дўстлик туманида қуриб битказилган «Ёшлар истироҳат боғи» фойдаланишга топширилди. Боғнинг очилиш маросимида ҳокимлик, жамоатчилик вакиллари ва ёшлар иштирок этди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

«Yoshlar — kelajagimiz» Давлат дастури доирасида барпо этилган боғнинг умумий қиймати 5 миллиард 575 миллион сўмни ташкил қилди. Боғ мажмуасини барпо этишга давлат бюджетидан 1 миллиард 780 миллион, ҳомийлар ҳисобидан 1 миллиард 410 миллион, тадбиркорлар томонидан 2 миллиард 384 миллион сўм маблағ сарфланди. Беш ойда 3 гектарлик майдонда барпо этилган боғда концерт ва томошалар учун амфитеатр, ёшлар коворкинг маркази ишга туширилди.

Айниқса, боғ таркибида «Ёш тадбиркорлар» коворкинг маркази ишга туширилиши бизнес билан шуғулланмоқчи бўлган йигит-қизлар учун катта қулайлик яратди. Ҳудуддаги бўш турган бино Ёшлар иттифоқининг 87 миллион, маҳаллий бюджетдан 50 миллион сўм маблағи ҳисобига реконструкция қилиниб, марказ учун барча шароитлар яратилди.

— Давлат дастури асосида яратилган имкониятлардан туманимиз ёшлари унумли фойдаланишга ҳаракат қилмоқда, — дейди «Yoshlar — kelajagimiz» жамғармаси туман филиали раҳбари Элёр Игиликов. — Дастур асосида 10 нафар ёш тадбиркорга 4 миллиард 501 миллион имтиёзли кредитлар ажратилди. Шу ҳисобдан 28 та иш ўрни яратилди. 2019 йилда 38 нафар ёш тадбиркорга 10 миллиард 370 миллион сўм кредит олишига кўмаклашиш ишлари амалга оширилади.