Давлат раҳбари мурожаатномада туризмни ривожлантириш, соҳага инвестициялар жалб этиш, кадрлар салоҳиятини ошириш бўйича комплекс чоралар кўришимиз лозимлигини айтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

«Бизда туризм кўпинча қадимий шаҳарларимиз, тарихий-маданий ёдгорликлар доирасида чекланиб қолмоқда. Ҳолбуки, мамлакатимизнинг бетакрор табиати, миллий қўриқхоналар, тоғли ҳудудларда туризмни ривожлантириш учун катта салоҳият мавжуд», деди Шавкат Мирзиёев.

Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда 2019−2025 йилларда Туризмни ривожлантириш миллий концепциясини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берилди. Шу асосда 2025 йилда юртимизга ташриф буюрадиган хорижий сайёҳлар сони 7 миллион нафарга етишига, туризм экспортидан келадиган даромад эса 2 миллиард доллардан зиёд бўлишига эришиш лозимлиги таъкидланди.