Президент Шавкат Мирзиёев парламентга анъанавий мурожаатида Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини Олий Мажлис томонидан тасдиқлаш амалиётини киритишни таклиф қилди, дея хабар бермоқда ЎзА.

«Ҳозирги кунда Конституцияга мувофиқ парламент бош вазирни тасдиқлайди. Лекин, вазирларни лавозимга қўйишда қатнашмайди. Шунинг учун Ҳукумат аъзолари парламент олдида масъулиятни етарли даражада ҳис этаётгани йўқ. Шу боис Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини Олий Мажлис томонидан тасдиқлаш амалиётини киритишни таклиф этаман», деди президент.

«Бўлажак вазир парламент аъзолари олдида соҳани ривожлантириш бўйича ўз дастурини ҳимоя қилсин ва унга эришиш йўлларини асослаб берсин. Бир сўз билан айтганда, лавозимга муносиб эканини исботласин», дея қўшимча қилди Шавкат Мирзиёев.

Президент шунингдек Вазирлар Маҳкамаси ва унинг таркибидаги идоралар ҳақида ҳам фикр билдирди.

«Барча давлатларда ҳукумат турли соҳалардаги ислоҳотлар ижроси учун жавоб берадиган орган ҳисобланади.

Ҳозирги кунда ҳукумат таркибига 160 дан ортиқ идора ва ташкилотлар киради, бош вазирнинг соҳа ва тармоқлар бўйича 8 нафар ўринбосари мавжуд. Лекин Вазирлар Маҳкамаси ва унинг таркибидаги идоралар бугунги ислоҳотлар жараёнида тўлақонли кучга айландими? Бу саволга, афсуски, ижобий жавоб беролмаймиз.

Вазирлар арзимаган масала бўйича ҳам бош вазир олдига қатнайди. Оқибатда ҳукумат фақат кундалик масалаларни ҳал қиладиган тузилмага айланиб бормоқда", деди президент.