Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил учун мўлжалланган энг муҳим устувор вазифалар ҳақидаги мурожаатномасида парламент назоратининг таъсирчан шаклларидан бири бўлган давлат бюджетини қабул қилиш ва унинг ижросини кўриб чиқишга алоҳида аҳамият бериш зарурлиги қайд этилди. Бу ишни юқори профессионал даражада йўлга қўйиш учун Олий Мажлис ҳузурида Давлат бюджети бошқармасини ташкил этиш кераклиги қайд этилди, дейилади ЎзА хабарида.

Давлат раҳбари томонидан парламент олдига қўйилаётган янги вазифалар тизимнинг янада самарали ишлашини тақозо этади. Айниқса, умуммиллий манфаатларимизнинг туб замини бўлган давлат бюджетини қабул қилиш ва унинг ижросини кўриб чиқиш бўйича парламент масъуллиги ушбу ҳужжатнинг ҳар жиҳатдан тўкис ва мукаммаллигини таъминлайди.

Бу ишни юқори профессионал даражада йўлга қўйиш учун янги тузилма — Олий Мажлис ҳузурида Давлат бюджети бошқармаси ташкил этилиши ушбу соҳада мутлақо янги қадам бўлади. Шу пайтгача парламент давлат бюджети лойиҳасини муҳокама қилиш, маъқуллаш билан шуғулланиб келган бўлса, эндиликда ушбу ҳужжатни тайёрлашда бевосита иштирок этади.