Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси «Гулбаҳор» чегара божхона пости ходимлари томонидан фуқаро Б.Д. ҳамда унинг бошқарувидаги «Nexia» автомобили божхона назоратидан ўтказилганида, декларацияланмаган, божхона ходимининг оғзаки сўровида маълум қилинмаган, 10500 АҚШ долларини автотранспорт воситасининг ҳайдовчи ўтирадиган қисмининг пастки қопламаси остига хуфёна яширилган ҳолда олиб ўтишга бўлган уриниши фош қилинди.

Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати берган хабарга кўра, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, амалдаги тартибларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойига эга бўлган чет эллик фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга 5 000 АҚШ долларига тенг ёки ундан ошмайдиган миқдорда нақд хорижий валютани йўловчи божхона декларациясида кўрсатган ҳолда эркин олиб чиқиб кетишларига рухсат этилади.