Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жума куни парламентга анъанавий мурожаатида 2019 йилга «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» деб ном беришни таклиф қилди.

У ўз чиқишида келгусида йилда 2018 йилда бошланган лойиҳа ва дастурлар давом эттирилишини маълум қилди.

«Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, фаол инвестицион сиёсат олиб борувчи мамлакатлар ривожланишда юқори муваффақиятларга эришмоқда», — деди давлат раҳбари.

У инвестицияларни иқтисодиётни ҳаракатга келтирувчи, бошқа соҳалар ва мамлакат ҳудудларини ривожлантиришга хизмат қилувчи, янги технологиялар ва юқори малакали мутахассисларни жалб қилувчи куч деб атади.

Инвестицияларнинг сўнгги мақсади — Ўзбекистонда яшовчи ҳар бир инсоннинг ҳаёт даражасини оширишдан иборат, деди Шавкат Мирзиёев.

Асосий устувор вазифалар — ижтимоий соҳани ривожлантириш, ёшларни муносиб таълим билан таъминлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, деди у.

«Агарда биз тинчлик ва соғлиқни таъминлай олсак — қолган барчасига эришамиз», — дея таъкидлади президент.