27 декабрь куни Тошкентда иккида жиддий йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди, дея хабар қилди пойтахт ИИББ матбуот хизмати.

11:50 да Юнусобод туманида «Такси Люкс» компаниясининг Lacetti ҳайдовчиси Янги шаҳар кўчасидаги темир йўл кесишмасида бошқариладиган тўсиққа бориб урилди.

Авария натижасида автомашинага зарар етган. Ҳайдовчи ва икки йўловчи тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилди. ЙТҲга ҳайдовчининг темир йўл кесишмаларидан ўтиш қоидаларини бузгани сабаб бўлган.

12:30 да эса Кичик ҳалқа йўлининг Миробод туманидан ўтган қисмида «АС Инвест Групп"га тегишли Howo юк автомобили ағдарилиб кетган. ИИББнинг қайд этишича, 19 ёшли ҳайдовчи тажрибасизлик қилиб машина бошқарувини йўқотган.

Юк машинасига ортилган юк (тош ва қум) йўлга тўкилиб кетди. Ҳеч ким жабрланмади.