Ҳукумат қарори билан Давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш бўйича марказлаштирилган жамғармалар маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берилди.

Низомга мувофиқ, марказлаштирилган жамғармалар ҳукумат ҳузурида — республика миқёсида ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида — ҳудудий миқёсда ташкил этилади.

Республика жамғармаси ҳукуматнинг бюджет маблағларидан ҳамда ҳомийлик ва хайрия ёрдамлари маблағларидан шакллантирилади.

Ҳудудий жамғармалар эса бюджет маблағлари билан бир қаторда, «E-IJRO AUKSION» электрон савдо майдончасида ер участкаларини сотишдан тушган маблағлар ҳисобидан шакллантирилади.

Республика жамғармаси ва ҳудудий жамғармалар маблағларидан қуйидагилар учун фойдаланилади:

республика жамғармаси маблағлари — президент ва ҳукуматнинг дастурлари, топшириқлари асосида етказилган зарарларни қоплаш;

ҳудудий жамғармалар маблағлари — ҳокимликларнинг ташаббуси билан етказилган зарарларни қоплаш.

Мазкур жамғармаларни бошқариш учун таркиби ҳукумат томонидан тасдиқланадиган кузатув кенгашлари тузилади.

Кузатув кенгашларининг таркибига ҳокимлар, кадастр бошқармалари бошлиқлари ва бошқа мутасаддилар киритилади.

Кузатув кенгашлари томонидан қабул қилинган қарорлар давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, бошқа ташкилотлар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.

Етказилган зарарларни қоплаш республика жамғармаси ва ҳудудий жамғармалар маблағлари ҳисобидан тегишли равишда республика жамғармаси кузатув кенгаши ва ҳудудий жамғармалар кузатув кенгашлари тақдимномасига биноан ҳукумат қарори, фармойиши ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарорлари асосида ажратилади.