Миллий олимпия қўмитаси биносида Ўзбекистон миллий терма жамоасининг янги либоси тақдимоти бўлиб ўтди. Йиғилганларга миллий терма жамоамиз учун Jako компанияси томонидан тайёрланган янги формалар намойиш қилинди. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси Германиянинг Jako компанияси билан шартнома имолаган ва ушбу шартномага кўра Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё Кубоги — 2019 дан бошлаб янги либосларда майдонда тўп суриши белгилаб қўйилганди.

ЎФА Халқаро алоқалар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Олим Арифов Jako компанияси билан тузилган шартнома бўйича йиғилганларга қуйидагиларни маълум қилди: «Германиянинг Jako компанияси биз учун манфаатли бўлган шартлар асосида либосларни тақдим қилмоқда. Миллий терма жамоамиз аъзоларига 116 хил либос ва аксессуарлар бепул тақдим қилинса, қолган терма жамоаларга 50 фоизли чегирма асосида формалар етказиб берилади.

Етказиб берилаётган либослар ичида ҳар қандай об-ҳаво шароитида машғулот ўтказиш ва майдонда ҳаракат қилишга мўлжалланган либос ва аксессуарлар мавжуд.

Jako компанияси билан 3 йиллик шартнома имзоланган бўлиб, миллий терма жамоамиз жаҳон чемпионати саралашида муваффақиятли қатнашса, шартнома муддати узайтирилади ва шартлари қайта кўриб чиқилади".