25 декабрь куни «Бирлашган» (Ўзбекистон) — «Ак-Таш» (Қирғизистон) ўтказиш пункти Қирғизистоннинг Ўш вилояти Кара-Сууй тумани Барак анклави аҳолисининг тўсиқларсиз ўтиши учун соддалаштирилган тартибда ишлашни бошлади, дея хабар қилди Қирғизистон ҳукумат девони матбуот хизмати.

Ўтказиш пункти ҳар куни 9:00 дан 19:00 га қадар, фавқулодда вазиятларда эса куну тун ишлайди.

Ўтказиш пункти 2013 йил баҳорида ёпилган эди. Қирғизистон чегара хизмати билан келишувга мувофиқ, қишлоққа озиқ-овқат маҳсулотлари, тиббий дори воситалари, уруғ ва ўғит етказиб турилган.

Бунгача анклав аҳолиси «Қизил-Қия-автойўли» назорат-ўтказиш пункти орқали чегарани кесиб ўтиш учун 150 км масофани босиб ўтишга мажбур бўлган. Ўшгача бориш учун эса улар 300 км га яқин йўл босган.

Ўтказиш пункти фаолиятини қайтадан бошлаш тўғрисидаги келишувга 18 декабрь куни Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарадош вилоятлари раҳбари кенгаши йиғилишида икки мамлакат бош вазирлари Абдулла Арипов ва Муҳаммедкалий Абилгазиев музокаралари чоғида эришилган эди.