Бугун тахминан 10:35 да Чилонзор туманидаги Бешёғоч ва Афросиёб кўчалари чорраҳасида «Ҳумо арена» муз саройи яқинида қурилаётган автотураргоҳ ўрнидаги омбор учун ажратилган бинода ёнғин содир бўлди, дея хабар қилди Тошкент ИИББ. Қурилиш материаллари ёнган.

ИИББ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ўт ўчирувчилари ёнғинни 11:21 да бартараф этди. Жабрланганлар йўқ.

Дастлабки тахминларга кўра, ёнғинга пайвандлаш ишларини олиб боришда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этилмагани сабаб бўлган. Кўрилган зарар миқдори аниқланмоқда, дейилади хабарда.

Қурилиш майдончасида ёнғин хавфсизлиги чоралари кучайтирилди, жумладан пудратчи ташкилот ходимлари билан профилактик ишлар олиб борилмоқда.