Тиббиёт йўналишида юқори малакали мутахассислар тайёрлашда Германиянинг нуфузли олий ўқув юртлари, тиббиёт марказлари билан алоқаларни кучайтириш, тиббий таълим муассасалари филиаллари ва қўшма факультетларини очишга кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси томонидан шу йил 18−21 декабрь кунлари Андижон тиббиёт институти ректори Мадамин Мадазимовнинг мазкур мамлакатга ташрифи ташкил этилди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси «Газета.uz"га маълум қилди.

Ташриф давомида Германиянинг йирик олий ўқув юртларидан саналган Росток ва Халле-Виттенберг университетлари раҳбарлари ҳамда масъуллари билан учрашувлар ўтказилиб, тиббиёт соҳасида малакали мутахассислар тайёрлаш борасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш имкониятлари муҳокама этилди, университет клиникалари фаолияти билан яқиндан танишилди ва аниқ келишувларга эришилди.

Андижон тиббиёт институти ва Росток университети Тиббиёт факультети ўртасида ўзаро ҳамкорлик бўйича имзоланган шартномада ўзаро талаба, тадқиқотчи ва профессорлар алмашуви, ҳамкорликда илмий тадқиқот ишларини олиб бориш, семинар ва конференциялар ўтказиш, ёзги ўқув курсларини ташкил этиш, қўшма факультет ва марказбарпо этиш каби масалалар ўз ифодасини топган.

Мазкур ташриф доирасида университет клиникалари фаолияти билан ҳам яқиндан танишилиб, уларнинг раҳбарлари билан ҳам учрашувлар ўтказилди.

Учрашув сўнгида томонлар 2019 йил январь ойининг биринчи ярмида видеоконференция ўтказиш, февраль ойининг иккинчи ярмида эса яқиндан танишиш, ҳамкорликнинг аниқ йўналишлари, айниқса, Ўзбек-немис қўшма тиббиёт факультетини очиш имконият ва шартларини муҳокама этиш мақсадида Росток университети делегациясининг Андижон тиббиёт институтига ташрифини ташкил этиш борасида келишиб олдилар.

Шунингдек, Росток универстети сайтида Андижон тиббиёт институти ректорининг мазкур олийгоҳга ташрифи ва унинг доирасида ўтказилган учрашувлар ҳамда эришилган келишувлар ҳақида батафсил матбуот хабари фотосуратлар билан ёритилди.

Германиянинг Халле шаҳрида жойлашган Мартин Лютер номидаги Халле-Виттенберг университети Тиббиёт факультети декани профессор М.Гекле билан ўтказилган учрашув давомида ҳам ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва ривожлантириш имкониятлари муҳокама этилди.

Профессор М.Гекле Халле-Виттенберг университети ва унинг Тиббиёт факультети фаолияти ҳақида маълумот бериб, ҳалқаро ҳамкорликка очиқ эканлигини таъкидлади.

Учрашув сўнгида проф. М.Гекле Андижон тиббиёт институти билан яқиндан танишиш, мақсадида 2019 йилнинг биринчи ярмида ўзи бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонда ташриф буюриши мумкинлигини маълум қилди.