Ўзбекистон оғир атлетика федерациясининг биринчи вице-президенти Шаҳрулло Маҳмудов ўзбекистонлик оғир атлетикачи Руслан Нуриддиновнинг 2012 йилги Лондон Олимпиадасидаги допинг намунаси ижобий натижа берганини изоҳлади.

Федерация расмий вакилининг ЎзАга маълум қилишича, ушбу масала бўйича ВАДАга мурожаат қилинган. Энг сўнгги ва замонавий технологиялар ёрдамида қон таҳлили қайта текширувдан ўтказилган ҳамда Русланнинг қонида тестостерон моддаси белгиланган меъёридан ортиқлиги аниқланган. Қайта текширувдан фақат Ўзбекистон вакили эмас, балки Украина, Белорус, Арманистон, Озарбайжон, жами беш мамлакат спортчилари ўтказилган.

«Савол туғилиши мумкин — бу нарса кимга ва нима учун керак бўлди, ахир ўшанда Руслан медаль олмаганку, десак Халқаро олимпия қўмитаси қайта текширувдан ҳозир спортчилик фаолиятини давом эттираётган атлетлар ўтказилаётганлигини маълум қилди. Биз мазкур ҳолатни чуқур таҳлил қиламиз, спортчимизнинг қонида қандай қилиб тестостерон моддаси миқдори меъёридан ошиб кетган?» — деди Шаҳрулло Маҳмудов.

«Биласизми, тестостерон моддасини спортчи истеъмол қилган биоқўшимчалар, ҳатто оддий таблеткалар ҳам ошириб юбориши мумкин. Тестостероннинг ошиши — бу қувват ошиши дегани. Оддий қилиб айтганда 20 ёшли эркакка қараганда 35 ёшли эркакдаги тестостерон моддаси миқдори кам бўлади. Руслан ўша пайтда 21 ёшда бўлган, яъни тестостерон моддаси энг юқори бўлган ҳолат. Спортда эса тестостерон моддасининг белгиланган миқдори — 407% деб белгиланган, агар шундан юқори бўлса — бу кишида шубҳа уйғотади. Бу узоқ ўрганиладиган жараён, дарҳол қарор қабул қилиб бўлмайди», — дея таъкидлади федерация биринчи вице-президенти.