Душанба куни Brent маркали нефть нархи 6 фоиздан зиёдроққа арзонлашди ва ўтган йилдан буён илк бор бир баррели 51 доллардан пастроққа баҳоланди, дея хабар қилди BBC рус хизмати.

Чоршанба куни эрталаб эса бир баррел Brent нархи 49,93 долларгача пасайиб, тушга яқин бир баррели учун 50,21 доллар таклиф қилинди.

Октябрда 86,7 долларга баҳоланган нефть тўрт йиллик максимумдан сўнг 40 фоиздан зиёдроққа арзонлашди. Иқтисодчилар буни дунё бозорида нефть захираларининг ўсиши ва жаҳон иқтисодиёти ўсишининг секинлашуви тўғрисидаги хавотирлар билан боғламоқда.

Нефтнинг арзонлашувига АҚШ бюджетини қабул қилиш билан боғлиқ вазиятга инвесторлар баҳоси ҳам сабаб бўлмоқда. Президент Дональд Трамп 20 декабрь куни Мексика билан чегарага девор қуриш молиялаштирилмаса, бюджетни имзоламаслигини маълум қилди.

Экспертлар фикрича, нефть нархининг арзонлашувига Федерал захира тизимининг базавий фоиз ставкасини 2,25 дан 2,5 фоизгача ошириш тўғрисидаги қарори ҳам таъсир кўрсатди.