Тошкентнинг Яшнобод туманидаги йиллик айланмаси 1 млрд сўмдан ошган 525 та тадбиркорлик субъекти мавжуд бўлиб, айни пайтда 442 та корхона қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтган. Бу ҳақда Тошкент ДСБ матбуот хизмати «Газета.uz"га хабар қилди.

ДСБ томонидан Яшнобод туманида ўтказилган семинар-тренингда тадбиркорларга солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиришлар, хусусан келгуси йилдан умумбелгиланган солиқларни ҳисоблаш ҳамда ҳисоботларни топшириш тартиблари тушунтирилди.

Қайд этилганидек, 2019 йил 1 январдан бошлаб, давлат мақсадли жамғармаларига юридик шахсларнинг айланмасидан 3,2 фоиз миқдорида ундириладиган мажбурий ажратмалар бекор қилинмоқда. Бундан ташқари, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкаси 14 фоиздан 12 фоизгача, дивидендлар ва фоизлар кўринишидаги даромадлар бўйича ставка 10 фоиздан 5 фоизгача пасайтирилмоқда.

Концепцияга асосан киритилаётган муҳим ўзгаришлардан яна бири жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг 12 фоиз миқдоридаги ягона ставкаси жорий этилаётганидир. Бундан ташқари, Пенсия жамғармасига ушлаб қолинадиган 8 фоиз миқдоридаги суғурта бадали тўлови бекор қилинади. Шунингдек, ягона ижтимоий тўлов ставкаси 12 фоизгача пасайтирилади. Мазкур меъёрларнинг амалиётга жорий этилиши орқали меҳнатга ҳақ тўлаш фондига солиқ юки камайтирилади.

Тадбирда Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармасининг малакали мутахассислари томонидан йил якунлари бўйича йиллик айланмаси 1 миллиард сўмдан ошган корхоналарни умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтказиш тартиби кўргазмали восита ҳамда слайдлар ёрдамида тушунтирилди.

«Умумбелгиланган солиқ тўловига ўтаётган тадбиркорлик субъектлари бухгалтерларининг амалий кўникмаларини ошириш мақсадида инспекциямизда „Солиқ сервис“ ДУК ва Яшнобод туман ДСИнинг малакали ходимларидан иборат „Маслаҳат хизматларини кўрсатиш“ гуруҳи ташкил этилган, — деди Яшнобод тумани ДСИ бошлиғининг биринчи ўринбосари Ихтиёр Хўжаяров. — Улар томонидан умумбелгиланган тартибда солиқ тўлашга ўтаётган солиқ тўловчиларни қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтишларида амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Шунингдек, мазкур гуруҳга жисмоний ҳамда юридик шахслардан бир кунда ўртача 25 та савол ва мурожаатлар келиб тушмоқда. Уларга ўз вақтида зарур жавоблар тақдим қилиб келинмоқда».

Бугунги кунда пойтахт тадбиркорлари учун қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида барча туман давлат солиқ инспекцияларида «Маслаҳат хизматларини кўрсатиш» дарчалари ташкил этилди. Ушбу дарча орқали тадбиркорлик субъектлари солиқ қонунчилигига киритилган ва киритилаётган ўзгаришлардан хабардор этиб борилмоқда.

Тадбирда тадбиркорлик субъектлари солиқ қонунчилиги бўйича қўшимча саволлар юзасидан Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармасининг 71−244−54−86 рақамига қўнғироқ қилишлари мумкинлиги эслатиб ўтилди.