Душанба куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги Билдирсой тоғлари ҳудудида уч сноубордчи ҳалок бўлди. Уларнинг барчаси Тошкентнинг бир маҳалласида истиқомат қилган, дея хабар берди «Газета.uz"нинг Фавқулодда вазиятлар вазирлигидаги ахборот манбаси.

Олинган маълумотларга кўра, гувоҳлар ёшларни (икки нафарининг ёши — 19 ва 24 да) тахминан 16:00 да дор йўли орқали тоққа кўтарилаётганини кўришган. Қутқарувчилар уларнинг музлаб қолган жасадларини 21:00 га яқин қор остидан қазиб олишди.

«Қор кўчкиси бўлмагани аниқ. Улар Огоҳлантирувчи белгилар бўлмаган тақиқланган жойларда учишган. Тахминий сабаб: улар сноубордда учаётганда тойиб, қор уюми орасига тушиб кетган», — деди суҳбатдош.

Айни вақтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, сноубордчилар ўлими сабаблари аниқланмоқда.

Ҳалок бўлганларни сўнгги бор кўрган бир неча кишининг «Газета.uz"га маълум қилишича, ҳодиса рўй берган жойлар атрофида қор кўчкиси содир бўлган. «Биз дор йўлидан охирги марта тахминан 16:00 да учган вақтимизда, «Доллар» тоғ-чанғи трассаси участкаси ёнида қор бор эди, яъни кўчки содир бўлмаган эди, бу аниқ кўриниб турган эди. Мен бу уч йигитни қорда кўрдим. Ундан кейин кўтарилганимизда бу қор йўқ эди», — деди гувоҳлардан бири.

Яна бир гувоҳнинг қайд этишича, ёшлар ўтирган ерда чегара тўсиқлари йўқ бўлган. «Улар қизил тасмалар кўринишидаги чегара ўрнатилиши лозим бўлган ерда ўтирган эдилар. Бугун у йўқ эди», — деди суҳбатдош.