Тошкентдаги барча эски уйларни безиш ва улар ўрнига янги уйлар қуриш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда шанба куни Хотин-қизлар қўмитаси ҳисобот-сайлов конференциясида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, бу ишлар президент Шавкат Мирзиёев топшириғи бўйича амалга оширилади.

Қурилиш секторининг жадаллик билан ривожланаётгани ҳақида сўзлар экан, ҳукумат раҳбари Архитектура ва қурилиш давлат қўмитаси раиси ўринбосари — Архитектура-қурилиш назорати давлат инспекцияси бошлиғи Козим Тўлаганов сўзларидан келтириб ўтди.

«Бош вазирнинг биринчи ўринбосари, Тошкент ҳокими, „Тошкентқурилиш“ трестининг бошлиғи бўлиб ишлаган Козим Тўлаганов кеча менга шундай рақамларни маълум қилди: Совет иттифоқининг энг гуллаган пайтларида ҳам Тошкентда бир йилда 1 миллион кв. м, Ўзбекистонда эса 5 миллион кв. м янги турар-жой фойдаланишга топширилмаган экан. Бу йил тугагани йўқ ҳали, аммо биз бу кўрсаткичлардан ошдик», — деди Абдулла Арипов.

Бош вазир сўзларига кўра, президент жума куни шаҳар бўйлаб кезаркан, эскириб кетган уйлар ўрнида қулай кўпқаватли турар-жой бинолари қуришни топширган.

«Кеча бизга президент жуда қаттиқ топшириқ берди — Тошкент шаҳридаги барча на канализацияси, на бошқа шароитлари бўлмаган эскириб кетган турар-жойларни бузиб, ўрнига муносиб, ҳамма шарт-шароитлар бўлган янги уйлар қурилади. Шарт-шароитлари бўлсин, деганда давлат раҳбари кимларни назарда тутди? Аёлларни. Яъни уйида иссиқ суви бўлсин, уйи иссиқ бўлсин, бориб кўмир ёқмасин, овқат қиламан деса қийналиб ўчоқ ёқиб юрмасин дедилар», — дея тушунтириш бериб ўтди бош вазир.

Абдулла Арипов президент (Сергели туманидаги уйлар қурилишини кўздан кечириш вақтида — таҳр.) уй қуришда битта кир ювиш машинасини қўшиш лозимлигини таъкидлаб ўтганини маълум қилди.

«Президент дедиларки: „Кир ювадиган машинани шунинг ичига қўшиб юборсанг бўлмайдими? Аёл киши уни сотиб ололадими ёки йўқми? Эри унга олиб бероладими ёки йўқми? Нима учун сиз ҳукумат раҳбари сифатида бу ҳақда ўйламайсиз?“ Биз буни албатта бажарамиз. [Президент] бу аёллар учун эканини очиқ айтмайди. Бироқ унинг ҳар бир сўзи ортида аёлларга эътибор турибди», — дея таъкидлади бош вазир.