Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов шанба куни бўлиб ўтган Хотин-қизлар қўмитаси ҳисобот-сайлов конференциясида Россиянинг Сочи шаҳрида Олимпия объектларида ишлаган 3 минг нафардан зиёд юқори малакали ишчилар айни вақтда Tashkent City лойиҳаларида шуғулланаётганини маълум қилди.

«Нима учун улар қайтмоқда? Чунки муносиб меҳнат, муносиб маош таклиф қилинмоқда. Ҳозирда Туркиядан ҳам қайтишни бошлашди. Tashkent City`даги энг катта кранни ким бошқараяпти? Ўзимизнинг ўзбек аёли. Аниқлик ва тоқат билан ишлашни талаб қилувчи ишда ким ишлай олади? Фақат аёллар», — деди Абдулла Арипов.

Бош вазир мазкур йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев топшириғи билан Тошкентдаги канализация ва бошқа шароитлари бўлмаган барча эски уйлар бузилиб, улар ўрнига барча шарт-шароитларга эга янги уйлар қурилиши, улар кир ювиш машиналари билан таъминланишини ҳам маълум қилди.