Самарқанд шаҳридаги 4-оилавий поликлиниканинг янги биноси фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали маросимда Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов иштирок этди. Бу ҳақда «Зарафшон» газетаси сайтида хабар берилди.

Янги бинода ишлаш қуввати қарийб икки бараварга ошиб, кунига 200 қатнов амалга ошириш мумкин. Айни пайтда 3 та умумий амалиёт шифокорлари (УАШ), «Аёллар маслаҳатхонаси», тор соҳа мутахассислари, функционал диагностика бўлимлари ҳамда лаборатория мавжуд.

«Маъруф сервис қурилиш» масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан амалга оширилган қурилиш ишларига давлат бюджетидан 3 миллиард 610 миллион сўм маблағ сарфланди. Муассасанинг тиббий ускуналар билан таъминлаш ва жиҳозлаш учун 500 миллион сўм маблағ ажратилди. Натижада муассаса ЭКГ, ЭХО, УЗИ, биокимёвий анализатор, центрифуга, офтальмоскоп, отоскоп, 2 та янги стоматологик жамланма каби зарур тиббий воситалар билан таъминланди.

Жорий йилнинг ўзида вилоятда «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастури асосида 17 та замон талабларига мос даволаш-профилактика муассасалари фойдаланишга топширилди. Ушбу муассасаларнинг қурилиши, зарур тиббий ускуналар билан таъминланиши ва жиҳозланиши учун давлат бюджетидан 12 млрд. сўм маблағ сарфланди. Айни жараёнда Инвестиция дастури асосида Самарқанд шаҳрида 5 та даволаш-профилактика муассасалари қурилди ва бунёдкорлик ишлари олиб борилди.