Эртага, 25 декабрь куни соат 9:00 да Тошкент кичик ҳалқа йўлида «Ватанпарварлик» марафонига старт берилади. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz"га хабар берди.

12 километр масофани ташкил этадиган марафон «Амилов» (Crafers) қандолат фабрикасидан бошланади. Финиш чизиғи Тошкент Жанубий вокзали олдида белгиланган.

Мазкур марафон «Ватанпарварлик ойлиги» доирасида Мудофаа вазирлиги томонидан ўтказилмоқда. Унда барча ёшдаги фуқаролар иштирок этиши мумкин.

Ғолиблар Тошкент ҳарбий округи қўшинлари қўмондонлиги томонидан медаллар, диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.

Марафон муносабати билан Тошкент кичик ҳалқа йўлининг айрим қисми вақтинча ёпилади. Юзага келадиган ноқулайлик учун олдиндан узр сўраймиз.