Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси (ВКП) Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни «Касаба уюшма ҳаракати олдидаги хизматлари учун» Фахрий олтин нишони билан тақдирлади. Бу ҳақдаги қарор 24 декабрь куни Тошкентда ВКП Ижроия қўмитасининг сайёр йиғилишида бир овоздан қўллаб-қувватланди, дея хабар берди Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси матбуот хизмати.

Хабарда қайд этилишича, давлат раҳбари «Ўзбекистон Республикаси меҳнаткашларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини таъминлаш, умуммиллий миқёсда ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш, Ўзбекистон касаба уюшмалари нуфузини ошириш борасидаги улкан ҳиссаси учун» тақдирланди.

Йиғилишда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясини ВКП аъзолигига қабул қилиш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди. Бу ҳақдаги таклиф бир овоздан қўллаб-қувватланди.

Бугунги кунда касаба уюшмалари Умумконфедерациясига Россия, Белорусь, Озарбайжон, Арманистон, Молдова, Грузия, Тожикистон, Қирғизистон давлатларининг касаба уюшмалари марказлари, шунингдек, 26 та халқаро тармоқ касаба уюшмалари бирлашмалари аъзо ҳисобланади.

Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида давлатлараро миқёсда кенг тан олинган халқаро ташкилот ҳисобланади, МДҲ қатнашчи давлатлари Парламентлараро Ассамблеясида кузатувчи мақомига эга, МДҲнинг Иқтисодий кенгаши, шунингдек, бошқа давлатлараро органлари ишида фаол қатнашиб келади. Шу билан бирга БМТнинг ихтисослаштирилган ташкилотлари билан ҳамкорлик қилади, унга Европа бўйича минтақавий маслаҳатчи, БМТ жамоат билан алоқалар Департаментининг нодавлат ташкилотлари Қўмитаси, Иқтисодий ва ижтимоий Кенгашида маслаҳатчи мақомига эга.