Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан 2017−2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йуналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни кўллаб-қувватлаш йили"да амалга оширишга оид Давлат дастурида Бош прокуратура масъул ҳисобланган бандлари ижро этилишининг дастлабки натижаларига бағишланган пресс-конференция ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Бош прокурор ўринбосари Эркин Йўлдошев Ҳаракатлар стратегияси амалий ҳаракатлар мезонига айланганини қайд этди. Халқ манфаати йўлида хизмат қилиш давлат раҳбари томонидан прокуратура тизими олдига асосий вазифа қилиб қўйилганлиги алоҳида таъкидланди.

«Буни амалда таъминлаш учун барча чоралар кўрилди. Тизим бутунлай қайта ташкил этилди. Халқ манфаати учун зарур бўлган янги тузилмалар жорий қилинди.

Ҳар бир ходимнинг эгаллаб турган лавозимига лойиқлиги ўрганиб борилмоқда. Фуқаролар манфаатини кўзлаб суд ва бошқа идораларга тегишли ҳужжатлар тақдим этилган. Натижада 90 мингдан ортиқ фуқаронинг бузилган ҳуқуқи тикланган", деди Эркин Йўлдошев.