Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев якшанба куни яқинда 94 ёшда ҳаётдан кўз юмган жамоат арбоби Мадаминжон Ҳасанов хонадонига ташриф буюрди.

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, давлат раҳбари унинг фарзандлари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди. Қуръон тиловат этилиб, марҳумнинг ҳақига дуо қилинди.

Мадаминжон Ҳасанов йирик жамоат арбоби, «Нуроний» жамғармасининг таниқли вакили, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси эди.

Фото: ЎзА

Мадаминжон Ҳасанов 1924 йил Андижон вилоятида туғилган. Унинг ёшлиги Иккинчи жаҳон уруши даврига тўғри келиб, 1942−1946 йилларда фронт майдонларидаги оғир жангларда мардона иштирок этди. Фашизмга қарши курашдаги жасорати учун жанговар орден ва медаллар билан тақдирланди.

У урушдан сўнг Москва олий кооператив марказий мактабини тугатиб, республиканинг турли савдо ташкилотларида хизмат қилди. Жумладан, 1956−1959 йилларда «Ўзбектекстильторг"нинг Андижон вилояти базаси директори, 1959−1966 йилларда «Ўзбекбирлашув» бошқарувининг раиси бўлиб ишлади.

Ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда илмий фаолият билан ҳам шуғулланди. 1979−2004 йилларда «Соғломлаштириш маркази» илмий-тадқиқот муассасасига раҳбарлик қилди.

Ўзининг кўп йиллик меҳнат фаолияти давомида Мадаминжон Ҳасанов кенг билими, катта ҳаётий тажрибаси ва шахсий намунаси билан республикамизда савдо тизимини ривожлантириш, соҳанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, малакали кадрлар тайёрлаш ишларида жонбозлик кўрсатди.

У 2004 йилда нафақага чиққанидан сўнг Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармасининг фаоли сифатида кўплаб ибратли ишларни амалга оширди.

Мадаминжон Ҳасановнинг кўп йиллик самарали меҳнати муносиб тақдирланди. У «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган савдо ходими» фахрий унвони, «Жасорат» медали, «Меҳнат шуҳрати», «Дўстлик» ва «Фидокорона хизматлари учун» орденлари билан мукофотланган эди.