«Самарқанд» халқаро аэропортига «Шереметьево-Самарқанд» йўналиши билан учиб келган Ўзбекистон Республикаси фуқароси М.Ж. «қизил» йўлак орқали божхона назорати зонасидан ўтиш вақтида унинг ўзини тутиши божхоначилар эътиборини тортади. Бу ҳақда Самарқанд вилояти божхона бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Божхона ходимлари холислар иштирокида фуқаро М.Ж.га тегишли багаж ва қўл юкларини кўздан кечиришади. Натижада қўл сумкадан Ўзбекистон Республикасига олиб кириш меъёридан ортиқча бўлган қиймати 20 миллион сўмга яқин, умумий оғирлиги 73,67 грамм заргарлик буюмлари борлиги аниқланди. Аниқланган ҳолат юзасидан божхона ходимлари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилган.

Мазкур ҳолат судда кўриб чиқилди. Суд фуқаро М.Ж.га нисбатан жазо тайинлашда, унинг қилмишини енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатлари мавжуд эмас деб эътироф этиб, тегишли қарор чиқарди.

Суд қарорига кўра фуқаро М.Ж. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 22722-моддаси 1-қисмида кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топилди. Унга нисбатан МЖтКнинг 33-моддаси қўлланилиб, энг кам ойлик иш ҳақининг уч баравари миқдорида жарима жазоси тайинлади.

Шу билан бирга 20 миллион сўмга яқин заргарлик буюмлари тегишли тартибда давлат фойдасига мусодара қилинди.

Рақамларга мурожаат қилсак, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Самарқанд вилояти божхоначилари томонидан 3 кг.дан ортиқ тилла буюмлари тўхтатиб қолинган.

Эслатиб ўтамиз, амалдаги тартибларга кўра жисмоний шахслар томонидан 65 гр.гача оғирликдаги қимматбаҳо металл ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмларини божсиз олиб киришга рухсат этилган.