Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг 2014−2018 йиллардаги фаолияти якунлари ва келгусидаги вазифалари сарҳисоб қилинди. Бу ҳақда қўмитаси матбуот хизмати «Газета.uz"га маълум қилди.

Ушбу тадбирда Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева маъруза қилди.

«Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш борасида амалга ошираётган ишларимиз ҳали бугунги кун талабига тўлиқ жавоб бермайди, ҳудудларда олиб борилаётган ишлар қониқарсиз аҳволда.

Сиёсий партиялар билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланган бўлишига қарамасдан, уларнинг ижросини таъминлашга етарли эътибор қаратилмаяпти. Вакиллик органлари ҳамда Парламент депутатлигига номзод кўрсатиш жараёнида хотин-қизлар учун белгиланган 30 фоизлик квота қамраб олинмаяпти. Бугунги кунда вакиллик органлари ва парламент депутатлари орасидаги хотин-қизлар улуши 15 фоизни ҳам ташкил этмайди. Сабаби, кўрсатилаётган номзодларни тайёрлаш борасида тизимли иш олиб борилмаяпти, айниқса, раҳбарлик лавозимларига хотин-қизлардан номзод сўралса, топиб ҳам бера олмаяпмиз", — деди Норбоева.

Хотин-қизлар қўмитаси раиси аёл кадрларни иш билан таъминланиши масаласига ҳам тўхтатилб ўтди. «Ҳозирги кунда раҳбарлик лавозимларида фаолият олиб бораётган аёллар сони 1 фоизни ҳам ташкил этмайди. Жойларда хотин-қизларнинг етакчилигини таъминлашда асосий бўғин бўлган бошланғич ташкилотлар фаолиятлари ҳам қониқарсиз аҳволда. Шундай экан, биз Хотин-қизлар қўмиталари бу борадаги фаолиятимизни тубдан қайта кўриб чиқишимиз шарт.

Биринчидан, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг кадрлар билан ишлаш Концепциясини ишлаб чиқишимиз ва қабул қилишимиз лозим.

Бунда, мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш, ижтимоий фаол аёлларнинг раҳбарлик лавозимларига тайёрлаб бориш, уларни ўқитиш, малакасини ошириш, турли раҳбарлик лавозимларига тавсия этиш тизимини яратиш зарур.

Иккинчидан, Сиёсий партиялар билан ҳамкорликда вакиллик органларига, Парламент депутатлигига номзодларни тайёрлаш ва 2019 йилги сайловларда хотин-қизлар томонидан номзод кўрсатилишини 50 фоизгача етказиш ҳамда депутатлар орасида уларнинг улушини 30 фоиздан кам бўлмаслигига эришишни ўзимизга вазифа қилиб олишимиз керак.

Учинчидан, хотин-қизларнинг етакчилигини таъминлашда бошланғич ташкилотлар фаолияти кучайтиришимиз, корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган иқтидорли, салоҳиятли кадрларни аниқлаб, улардан захира кадрларни шакллантириш лозим. Айниқса, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналаридаги, шунингдек, хусусий сектордаги бошланғич ташкилотлар фаоллигини оширишимиз керак", деди у.