ҚҲТБТ порталида «Электрон тижорат тўғрисида"ги қонуннинг янги таҳрири лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилган. 2019 йил 3 январгача муҳокамада иштирок этиш, фикр-мулоҳаза ва таклифларингизни билдириш мумкин. Бу ҳақда Norma.uz хабар берди.

Маълумот учун: «Электрон тижорат тўғрисида"ги Қонун 2004 йилда қабул қилинган. 11 йил ўтгач, 2015 йилда унинг янги таҳрири тасдиқланган, у айни пайтгача амал қилиб келмоқда. 2018−2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида электрон тижоратни ривожлантириш дастурида ушбу соҳадаги норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, хусусан, қонунга бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган.

Амалдаги ҳужжатга таянган ҳолда, лойиҳада бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг айрим қоидалари жамланган. Масалан, электрон тижоратни амалга ошириш қоидалари, Шартномаларни тузишда электрон рақамли имзоларни қўллаш ва электрон ҳужжатларни ҳамда электрон тижоратда қўлланиладиган электрон хабарлардаги мавжуд ахборотни сақлаш тартиби тўғрисидаги низом, Дастурий маҳсулотлар ва ахборот маҳсулотларидан фойдаланиш ҳуқуқини амалга ошириш ҳамда расмийлаштиришнинг божхона расмийлаштируви (декларациялаш) ва бухгалтерлик ҳисобини юритиш тартиби тўғрисидаги низом ва бошқаларни тилга олиш мумкин.

Натижада қонун билан тартибга солинадиган механизмлар қамрови кенгайган, лойиҳада улар жуда батафсил акс эттирилган. Ҳужжатнинг амалдаги ва тақдим этилган таҳрири солиштирма таҳлили қуйидагиларни кўрсатди:

биринчидан, қонунга жуда кенг тушунчалар аппарати киритилмоқда. Базавий атамалар билан бир қаторда, унга рақамли маҳсулотлар, уларни импорт ва экспорт қилиш, рақамли дистрибуция, трансчегаравий электрон тижорат ва ҳоказо. таърифлари киритилган;

иккинчидан, электрон тижоратни амалга оширишнинг қўшимча принциплари қайд этилган. Хусусан, ҳужжатларни, шу жумладан электрон ҳужжатларни бирхиллаштириш, ахборот хавфсизлигини, товарлар (ишлар ва хизматлар) сифати лозим даражада бўлишини таъминлаш, шунингдек тартиб-таомилларнинг очиқ-ошкоралиги, шаффофлиги ва тушунарлилиги ҳақида сўз юритилган. Мазкур соҳа асосланган ҳар бир принципнинг мазмун-моҳияти алоҳида очиб берилган;

учинчидан, соҳани давлат томонидан тартибга солиш тартиби белгиланган: Вазирлар Маҳкамаси, Ахборот коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (ваколатли орган, таҳр.), давлат органлари ва маҳаллий ҳокимиятларнинг ваколати чекланган;

тўртинчидан, электрон тижорат иштирокчиларининг (сотувчи ва харидорлар, бизнес-операторлар, ш. ж. битимларни тузишда иштирок этувчи ёки бунда ёрдам берувчи савдо платформаларининг операторлари, таҳр.) таркиби, шунингдек уларнинг ўзаро муносабатлари хусусияти белгиланган;

бешинчидан, битимларни тузиш тартиби, шу жумладан уларни ҳужжатлаштириш шакли ва тартиби, электрон ҳужжатлар ва хабарларнинг юридик кучи, уларни сақлаш шартлари ва муддатлари, шунингдек битим тарафлари тўғрисидаги ахборот таркиби ва ҳоказо батафсил қайд этилган. Ҳисоб-китоб қилиш, товарларни етказиб бериш, уларни қайтариш ва тўлов суммаларини қоплаш тартибига оид масалалар тартибга солинган;

олтинчидан, рақамли маҳсулотлар билан боғлиқ битимларни тузиш қоидалари тилга олинган. Трансчегаравий электрон тижоратга алоҳида боб бағишланган.

Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.